8 (61) 224-06-57 berdax_teatr@mail.ru TG KK UZ RU EN
Регистрация
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать

Театр тарийхи

orazbay 10-10-2020, 11:11 106 teatr-tarihi

                              Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор.

Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас

қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ишонаманки,

насиб қилса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз,

буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади.

 

    Ш .М.Мирзиёев,  Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри республикамизда ўз ўрни ва нуфузига эга театрлардан биридир. Бу даргоҳ 95 йиллик тарийхга эга. Шу йиллар мобайнида театр халқимиз маънавий ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб, жамиятнинг тараққиёт босқичларида ҳақийқий ҳаёт манзараларини акс эттирган маданий-маънавий масконга айланди. 

Халқ билан ҳамжиҳат бўлиб, инсонларнинг қувончларинию ғам-ташвишларини саҳна асарларида акс эттириб, томошабинлар кўнгилларидан жой олди.

Театр халқимиз маънавиятини юқори чўққиларга кўтарди, миллий қадриятларимизни, урф-одат ва анъаналаримизни сахнада намойиш қилди. Театрнинг қайси даврдаги фаолиятига назар ташламайлик, ижодий жамоа «халққа хизмат қилиш»дек шарафли вазифани бажариб, актёрларимизнинг янгидан-янги ижро маҳорати ва талқин услубларининг узлуксиз тараққий этиб келаётганига гувоҳ бўламиз. Ташкил қилинган даврдан бошлаб бу улуғ даргоҳда ижод қилган устоз санъаткорларнинг энг оғир ва машаққатли йилларда ҳам республикамизнинг олис туманларига гастрол сафарлари, намойиш этган концерт ва спектакллари ҳалигача халқимиз хотирасида.

Бадиийлик ва мазмун жиҳатидан пухта ишланиб, саҳналаштирилган кўпгина спектакллар нафақат қорақалпоқ, балки қардош миллатлар вакилларида ҳам қизиқиш уйғотиб келмоқда. Узоқ йиллар давомидаги изланишлар, ҳар бир асарга алоҳида талқин билан ёндошувлар туфайли театр жамоаси ўз йўлини, санъатнинг янги қирраларини эгаллади ва қорақалпоқ театр санъати деган катта мактаб яратишга муваффақ бўлди.

Давлатимиз мустақилликка эришгандан сўнг театрнинг ижодий тараққиёт йўли янада кенгайди ва янги ривожланиш босқичига ўтди. Асарлар танлаш, уларнинг мавзуси ва жанр талабларини ҳисобга олган ҳолда саҳналаштириш, репертуар танлаш, ижод услубларини топиш, томошобинлар эҳтиёжларини аниқлаш ва уларга таъсир қилиш услубларини чуқурлаштириш театрнинг устувор вазифаларига айланди. Мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, замонга мос мавзулар билан бир қаторда ўтмиш-тарихимизни акс эттирадиган, айниқса ёшларнинг эстетик эҳтиёжларини қониқтирадиган асарларнинг саҳналаштирилиши томошабинларнинг театр санъатига бўлган эътибор ва қизиқишларини янада орттирмоқда.

Театрнинг истиқлол йиллардаги фаолиятида кўпгина диққатга сазовар ўзгаришлар юз бермоқда. Репертуар сиёсати, режиссура ва актёрлик маҳоратидаги янгиликлар ва ютуқлар, халқаро маданият марказларида орттирилган тажрибалар – театр жамоасининг узоқ ва машаққатли меҳнатларининг маҳсулидир.

Театрнинг кўп йиллар давомида эришган ютуқлари, айниқса ёшларни Ватанга садоқат, инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, инсонлар қалбига яхшилик нурларини сингдиришни ўзининг эзгу миннати деб билиб, фидокорона хизмат кўрсатиб келаётганини ҳисобга олиб, театрга 2017 йили «академик театр» мақоми берилди.

Бу юксак мақом театр жамоасига 90 йиллик байрами олдидан катта қувонч бўлди. Бундан илҳомланган театр санъаткорлари янгидан-янги асарлар устида ижодий ишларини янада такомиллаштирмоқда ва жадаллаштирмоқда.

 

Қорақалпоғистонда театр санъатининг пайдо бўлиши.

«Тонгнури » труппасининг ташкил қилиниши (1926-1930 йй)

 

«Агарда икки одам гаплашиб, учинчи одам уни тингласа, бунинг ўзи театр», – деган эди польшалик актёр Густав Холоубек. Жаҳондаги барча халқлар ва миллатлар сингари қорақалпоқ халқининг ҳам асрлар мобайнида шаклланган ҳамда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналари ва урф-одатлари жуда ҳам бой маънавий мерос сифатида маънавий тарихимизда ўчмас из қолдирган ва халқ оғзаки ижодиёти дурдоналарида, турли маросимларда, қиз-йигитлар базмларида, болалар ўйинларида сақланиб қолган.

Тўйлар ва бошқа маросимларда достонлар ижро этган жиров-бахшиларда актёрлик маҳоратнинг, «қудалик», «куёв келди», «қиз узатиш», «беточар», «бешик туй», «тусов кесиш» маросимларида, «Оға бий» ва бошқа да анъанавий халқ ўйинларида ҳақиқий театрлашган томошалар манзараси ёрқин акс эттирилган.

Ўтган асрнинг 20-йилларида собиқ иттифоқнинг ҳамма жойларида бўлгани каби, Қорақалпоғистонда ҳам театр санъатини шакллантиришга жиддий эътибор қаратилиб, турли маданий-маърифий муассасалар, театр-концерт гуруҳларини ташкил қилиш ишлари бошланди.

     Қорақалпоғистон вилояти Ижроия қўмитасининг 1926 йил 11 апрелдаги «Қорақалпоқ миллий драма труппасини ташкил этиш тўғрисида»ги махсус қарори билан «Тонг нури» Қорақалпоқ миллий театр труппаси ташкил қилинади ва унинг бадиий раҳбарлигига Тўрткўл шаҳридаги педагогик техникум ўқитувчиси З.Ф.Қосимов тайинланади. 

Труппа аъзолари 13 та одамдан иборат бўлиб, улар – Ж.Аймурзаев, А.Матьякубов, Г.Убайдуллаев, М.Матжанов, Ж.Сейтова, Қ.Бекмуратова, М.Темирханова, П.Саекеева, Т.Исметуллаева, Қ.Алланиязов, Б.Сейтов, Ж.Пирназаров, О.Торемуратовлар эди. Бу инсонлар «Тонг нури» труппасининг, бугунги қорақалпоқ театрининг илк қалдирғочлари сифатида тарих саҳифаларида муҳрланиб қолди.

    Театр иморати 1932 йил. Тўрткўл шаҳри.


1926 йил 8 ноябрда Қасим Авезовнинг «Тилак йўлида» номли картинали тарихий драмаси билан «Тонг нури» труппасининг биринчи пардаси тантанали очилди. Қорақалпоқ миллий театри тарихининг солномаси айнан шу кундан бошланди.


Биринчи афиша

     Бугун 1927-йил 28-май куни Қорақалпоқ «Тонг нури» труппаси артистлари томонидан «Тилак йўлида» спектакли сахнага қўйилади.

    Касса очиқ: соат 9-00 дан кечки 9-00 гача.

«Тонг нури» труппаси бошлиғи Зарип Қасим ўғли



        1927 йили З.Қосимовнинг асосий ишига қайтиши сабабли труппага Абдураҳмон  Утепов раҳбарлик қила бошлади.

Бу йиллари труппа иштирокчиларининг сони анча кўпайди, труппа репертуари М.Орайди, К.Тикчурин, С.Абдулла, Ҳамза, шунингдек, маҳаллий муаллифлардан С.Мажитов, А.Утепов, Қ.Авезов, А.Бегимов, А.Матяқубов, М.Дарибаев, Т.Сейтмамутовларнинг янги асарлари билан тўлдирилди.

1930-йилларда «Тонг нури» труппаси барча қишлоқ ва овулларда, шаҳарларда сафарларда бўлиб, театр санъатини бутун халқимизга намойиш қилди ва ўлкамизда биринчи Қорақалпоқ давлат театрини ташкил этишга асос солди. Бунда мазкур миллий труппада ҳам директор, ҳам режиссёр, ҳам артист, ҳам созанда, ҳам ашулачи ва драматург вазифаларини бажарган Абдураҳмон Утеповнинг шижоатли меҳнатлари алоҳида ўрин тутади.Албатта, бу даврда режиссёрлик иш услублари етарли эмас эди.


 Саҳналаштирилган пьесалар суфлёр ёрдамида ижро қилиниб, спектаклларга махсус декорация, ёритиш ускуналари, реквизитлар, бутафория ва бошқа компонентлар ишланмаган эди. Чунки, бундай спектакл безаклари у даврда миллий театримиз анъаналаридан ўрин олмаган эди. Кечки спектакль ва концертлар тўғрисида жарчилар, сурнай-карнайлар ёрдамида эълон қилинган. Туманларда кечки спектакллар учун зарур ускуналар, безак буюмлари, бош кийим, пойабзаллар шу жойдаги аҳолидан йиғилиб, саҳнада ишлатилган ва ҳ.

У даврда режиссёрлар актёрларга рол тақсимлаш, суфлёр ёрдамида саҳнада пьесадаги сўзларни айтиб, томошабинларга эшиттириш каби оддий кўрсатмалар бериш билан кифояланган.

Декорация безаклари орқали даврнинг ўзига хос белгиларини, одамларнинг турмуш шароитини, кун, фасл, макон, мавсум хусусиятларини акс эттириш каби саҳнавий қоидалар бўлмаган. Саҳна учун махсус либослар, тақинчоқлар ва безаклар, қурол-яроқлар натурал характерга эга бўлиб, иллюстрацион маънони англатган. 

Пьеса мазмунига, персонажларнинг ҳол-аҳволига боғлиқ бўлмаган кўшиқлар кўйланиб, мусиқалар чалинган. Миллий анъаналар ва урф - одатларга мослаштириш ва бошқа саҳналик талаб ва тартибларга етарли эътибор берилмаган1930 йилдан бошлаб театр фаолиятидаги бундай саҳнавий камчиликлар бартараф қилина бошлади. Шу йил декабрда «Тонг нури» труппаси асосида Қорақалпоқ давлат миллий театри ташкил қилинди ва бу профессионал театр босқичига ўтишга асос яратди.

Умуман олганда, 1927-1930 йиллар Қорақалпоғистонда театр бадиий санъати шаклланишининг якуний босқичи ҳисобланади.

 Қорақалпоқ давлат театри изланишлар ва синовлар даврида

(1930-1957 йй.)

Қорақалпоқ давлат миллий театрининг ташкил қилиниши билан театрда штатлар сони кўпайди, режиссёр штати махсус белгиланиб, унга театрнинг барча ижодий ишлари юклатилди.

Режиссёрнинг асосий вазифаси саҳна маданияти муайян йўналишда тартибга солиш, актёрларнинг касб маҳоратини орттириш, театр ва томошабинларнинг ўзаро муносабатларини яхшилаш тадбирларини кўриш ва ҳ. иборат эди.

Бу йилларда театр санъатига диққат-эътибор кучайди. Матбуот, радио ва барча жамоат муассасалари, умумхалқ томонидан театр санъатига бўлган алоҳида қизиқиш вужудга келди.

Бу йилларда театрнинг бадиий раҳбари ва бош режиссёри вазифаларини Абдураҳмон Утепов бажарди. У кўпроқ маҳаллий муаллифлардан А.Бегимов, Ж.Аймурзаев, С.Мажитов, Р.Мажитов, М.Дарибаев, А.Матьякубовларнинг турли жанрлардаги асарларини, шунингдек, озарбайжон драматурги У.Гаджибековнинг «Аршин мал алан» комедиясини саҳналаштирди.

30 йиллар ўрталарида Бухоро театри режиссёри Р.Файзиев ва актриса Х.Файзиевалар қорақалпоқ театрига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида келиб, актёрларга саҳна маданияти, актёрлик маҳорати бўйича дарслар берди.

1936 йили таниқли режиссёр Зухур Кабулов театрнинг бадиий раҳбари, композитор Б.Д.Туманиян мусиқа раҳбари, А.Тайиров бош балетмейстер лавозимларига сайланди.

Ўзбекистонлик таниқли режиссёр Ж.Обидов, қозоғистонлик Т.Омаровлар ҳам қорақалпоқ театрига келиб, яқиндан ёрдам кўрсатди.

Мусиқали драмаларни кўплаб саҳналаштирган З.Кабулов, қорақалпоқ театридаги фаолиятини Хуршиднинг «Лайли ва Мажнун» мусиқали драмасидан бошлади. Рассом Ф.Версальский спектаклда давр руҳини, сарой ва саҳро табиати манзараларини ихчам ва чиройли қилиб яратди.

Бу спектакль қорақалпоқ театридаги энг дастлабки ютуқлардан бири бўлди.

Ҳаваскор актёрлардан ташкил топган театр жамоаси саҳнавий ҳақиқатни, саҳнадаги масъулиятни чуқурроқ англай бошлади. Қорақалпоқ театрининг репертуари ўзбек, қозоқ муаллифлари асарлари билан бойиди. Бир кўринишли оддий спектакллар ўрнига катта кўламдаги спектакллар қўйила бошлади. Тарихий асарлар билан кундалик ҳаётимизга бағишланган асарлар театр репертуаридан кенг ўрин эгаллади.

Театр бадиий санъати халқимизга эстетик завқ бағишлашда, унинг онгини бойитишда муҳим аҳамиятга эга тарбия ўчоғига айланди.

1930-1939 йиллар қорақалпоқ театрининг давлат театрлари сафига қўшилиб, малакавий даражаси изчил кўтарилаётган давр бўлди.

1934 йили 30 нафар истеъдодли ёшлар, 1936 йили эса қўшимча 16 нафар йигит ва қизлар республикамизнинг барча қишлоқларидан танлаб олиниб, Москвадаги Луначарский номидаги театр санъати институти ҳузурида янгидан ташкил қилинган қорақалпоқ студиясига ўқишга юборилди. Бу ерда таниқли устозлар В.В.Бибиков ва О.И.Пижовалар қорақалпоқ ёшларига актёрлик дарсларини ўқитди, касбий маҳорат сирларини ўргатди. Улар орасидан қалам тебратишга мойилларини драматургияга, режиссурага қобилияти бор ёшларни саҳналаштириш ишларига йўналтириб борди.

1939 йили студия битирувчилари – 16 нафар ёш мутахассислар театрга қайтиб келди. Шу муносабат билан театрга К.С.Станиславский номи берилиб, Қорақалпоқ давлат мусиқали драма ва комедия театри бўлиб номлана бошлади. Битирувчилар орасида таниқли устоз санъаткорлар Туреш Алланазаров, Юлдаш Шарипов, Юлдаш Мамутов, Сапар Хўжаниёзов, София Карабаева, Тарбия Жолымбетова, Яхт Алламуратова, Холмурод Сапаров, Балтабай Айманов, Саодат Юсупова, Сабирбой Утепбергенов, Мадирейим Матчанов, Ғаний Дошумов, Режепбай Сайдов, Пирлепес Тилегенов, Исах Шадиевлар бор эди.


Ж.Б.Мольер "Скапеннинг хийласи" 1939 йил. Скапен-Б.Айманов


Энди қорақалпоқ театрининг имкониятлар доираси кенгайиб, миллий драматурглар асарлари билан бир қаторда бошқа қардош халқлар асарлари, жаҳон мумтоз асарларни саҳналаштириш бошланди. Ёш студиячилар ўзлари тайёрлаган Ж.Б.Мольернинг «Скапеннинг найранглари», А.Н.Островскийнинг «Камбағаллик айб эмас», В.Вишневскийнинг «Биринчи отлиқ армия» диплом спектаклларини олиб келиб, республикамизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида намойиш этишга эришдилар.

Иккинчи жаҳон уруши, шу даврдаги турли қийинчиликлар театр ишларига катта таъсир қилди, театр ходимларининг аксарияти фронтга кетди, театрда қолган ходимлар тинимсиз меҳнат қилди. Улар иккита ташвиқот гуруҳига бўлиниб, бир гуруҳга Ойимхон Шомуродова, иккинчисига Юлдаш Шарипов раҳбарлик қилиб, Республикамизнинг барча шаҳарлари ва олис овулларида концертлар, спектакллар намойиш қилиб, ундан йиғилган пулларга фронтдаги аскарлар учун озиқ-овқат, кийим-кечак жўнатиб турдилар.

Улар тўплаган пуллар самолётлар тайёрлашга ҳам ишлатилиб, 1944 йили собиқ иттифоқ Халқ комиссарлар қўмитасидан Халқ артисти Ойимхон Шомурадова номига ташаккурнома телеграммаси келди.

Бу даврда театр репертуаридан ватанпарварлик мавзудаги, халқимизда катта руҳий кўтаринкилик, фашизм устидан ғалабага ишонч пайдо қиладиган спектакллар ўрин олди. Улардан «Алпомиш», «Тозагул», «Лейтенант Елмуратов», «Бизнинг Баҳодир», «Офтобхон», «Қурбон Умаров», «Орол қизи», «Тоҳир ва Зуҳра», «Гулсара», «Беш сўмлик келин» ва бошқа пьесаларни саҳналаштириш тартибида мусиқа муҳим ўрин эгаллади. Бу спектакллар ўз даври учун ўзига хос янгиликларга тўла бўлиб, ижрочи актёр ва актрисаларнинг образ ясаш, уни томошабинларга, саҳналик реализмга, унинг асосий тамойилларига мослаштириш каби янги йўналишлар томошабинларнинг эътиборини қозонди.

1943 йили қорақалпоқ театрида юз берган янгиликлардан бири – театрга Усмон Юсупов келиб, «Алпомиш» спектаклини томоша қилди ва унга юксак баҳо берди. Н. Давқараевнинг «Алпомиш» пьесасининг биринчи варианти 1939 йили ёзилиб, Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Қорақалпоғистон Республикаси маданият ва адабиёти ҳафталигида намойиш қилиш учун таёргарлик ишлари кетаётган бир пайтда Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, спектаклнинг тайёргарлик ишлари тўхтаб қолди, ҳамда театр Тўрткўл шаҳридан Республикамизнинг янги пойтахти – Нукус шаҳрига кўчирилди. 1943 йили «Алпомиш» спектакли қайтадан қўлга олиниб, премьераси ўтказилди. Спектаклнинг бош шиори «Халқ учун, номус учун!» деб номланди.


Алпомиш ролида - Юлдаш Мамутов

Тамошабинлар асрлар давомида Жировлар ижро қилиб келаётган достондаги ўзининг миллий қаҳрамони Алпомишни саҳнада кўриб, жуда кучли руҳий завқ олди. Спектаклда кўпроқ натурализмдан фойдаланилди – Алпомиш саҳнага от миниб чиқди. Алпомиш ролини ёш актёр Юлдаш Мамутов, Гулбарчин ролини Ойимхон Шомуродова ижро этди. Спектаклга мусиқа басталаган таниқли композитор В. Шафранников мусиқа ёзишдан аввал қорақалпоқ халқининг анъаналарини, урф-одатлари билан танишди, яшаш тарзи ва тилини, феъл-атворини яхши ўрганиб, шу аснода ўлмас мусиқий асарлар яратди. Спектакль қаҳрамонларининг ариялари бугунги кунда ҳам қўшиқчиларимиз томонидан ижро этилмоқда.

Бу йиллари театр янгидан келган ходимлар билан ишлашадиган, уларни ўз соҳаси бўйича ўқитиб, таълим-тарбия берадиган махсус мутахассислар билан таъминланди. Бундан ташқари, қўшиқчилар (вокалистлар) учун ҳар куни овоз чиниқтириш дарслари (постановка голоса) ўтказиш мақсадида вокалист-устозлар, балет, хор жамоалари эса концертмейстерлар билан таъминланди. Тошкент шаҳридан чақиртирилган балетмейстер Али Ардобус, вокалист-устоз А.Горская, концертмейстер Гофман ва бошқалар қорақалпоқ театрига катта ёрдам кўрсатти. Саҳна нутқи техникасини, саҳнадаги ҳаракат, театрлар тарихи, актёрлик маҳорати дарслари буйича ўзимизнинг маҳаллий мутахассислардан Ю.Мамутов, С.Хўжаниёзов, Ю.Шарипов, С.Карабаева, Т.Алланазаров, Х.Сапаровлар катта ишларни амалга оширдилар.

Тинимсиз изланишлар миллий драматургиянинг ривожланишига туртки бўлди. Т.Алланазаров, Ю.Шарипов, Ю.Мамутов, С.Жуманиёзов, З.Қабулов, Ж.Абидов ва б. режиссёрлар томонидан саҳналаштирилган Н.Давқораевнинг «Алпомиш», С.Хужаниёзовнинг «Суймаганга суйканма», Ж.Аймурзаевнинг «Ойгул-Обод», «Бердақ» пьесалари театр тарихида чуқур из қолдирди.

Профессионал актёрлар билан бир қаторда махсус билимга эга бўлмаса ҳам, халқимизга танилган Рейимбой Сейтов, Арзигул Отамуродова, Гулхон Шеразиева, Тўхта Рахманова, Сапаргул Авезова, Уразгул Давлетова, Уразбай Умитқулов, Сулув Олламуродовалар турли спекталклларда бетакрор образлар яратди.

1945 йили Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтининг очилиши бутун Ўрта Осиё санъатида катта янгилик бўлди. Бу институт нафақат Ўзбекистон театрлари учун, балки барча Ўрта Осиё ва Қозоғистон Республикалари учун мутахассислар таёрлаб берди. 1951 йили институтнинг биринчи қалдирғочи – режиссура бўлимининг битирувчиси Т.Алланазаров театрда режиссёр бўлиб иш бошлади. У 1951-1959 йиллари театрда бош режиссёр лавозимида ишлаб, театрга кўплаб ижодий янгиликлар яратди. 

У қорақалпоқ театри тарихида рус ва жаҳон драматургиясининг мумтоз асарларини биринчилардан бўлиб миллий театримиз репертуарига олиб кирди.Маҳаллий театр ихлосмандларини Ж.Б.Мольер, М.Горький, К.Симонов, Б.Лавренев, Н.Дьянков, И.Франко каби жаҳонга машҳур ёзувчиларнинг драма ва комедиялари билан таништирди.

 У профессионал режиссёр сифатида актёрларнинг саҳна маданияти бўйича билимларини, қобилиятларини мукаммаллаштиришга катта эътибор қаратди. Пьесаларни қорақалпоқ тилига таржима қилди, театрга янгилик жорий қилишга ҳаракат қилди. У Ҳамзанинг «Майсаранинг найранглари», Ж.Б.Мольернинг «Тартюф», Н.В.Гогольдиң «Ревизор», А.Қаҳҳорнинг «Оғриқ тишлар», «Тобутдан чиққан товуш», Ғ.Мусреповнинг «Қози-Корпеш – Баян сулув», Ж.Аймурзаевнинг «Ойгул-Обод», С.Хўжаниёзовнинг «Бахт» спектаклларини саҳналаштирди. Бунақанги илдизи мустаҳкам, чуқур мазмунга эга спектакллар театр ёшларининг маънавий дунёсини бойитди, актёрларнинг янги қирраларини очди. Т.Алланазаров бошлаб берган бундай парвоз театрда бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

1950-йилларнинг охири, 60-йиллар бошларида спектаклларда урушдан кейинги ҳаёт муаммолари, одамлар орасидаги муносабатлар, Ватанга бўлган фарзандлик бурч, садоқат, тинч ҳаётдаги бунёдкорлик ишлари, янгидан ер ўзлаштириш масалалари асосий мавзулардан бўлди. Улар қаторида Т.Жумамуратовнинг «Тикланган туғ», П.Тилегеновнинг «Биринчи гудок», К.Симоновнинг «Рус одамлари», Ж.Аймурзаевнинг «Орол қизи», Т.Сейтжанов, М.Қалимбетовларнинг «Қирли сўқмоқлар», С.Хўжаниёзовнинг «Ёш юраклар» пьесалари ўрин олди.

Театрнинг шаклланиш йилларида радио, телевидение, кино ривожланмаган давр эди ва шу боис томошабинларимиз учун театр спектакллари ҳам концерт, ҳам театр вазифасини бажарди. Мусиқали драмалар учун кичик таркибдаги унисон ижро этадиган созандалар мусиқали драмаларни, концерт дастурларини ижро этиш учун катта вазифани бажариб, нота билан чаладиган мусиқачилар оркестрда хизмат қилди. 

Ўша даврда мутахассис созандалар оз бўлишига қарамасдан, жаҳон классик мусиқа асбоблари – скрипка, виоленчель, кларнет, труба, тромбонларда ижро этадиган созандалар – Камол Мендибоев, Жумамурод Янгибоев, Палваниёз Абдижамилов, Олим Абдуллев, Турсинмурод Утемуродов, Люся Брокман, Қурбонбой Есжанов, Қурбонбой Наметуллаев, Олломурод Қошимбетов, Максет Кўпжасаров, Виктор Марюхин, Николай Мурманцев, Қолбой Тулегенов ва бошқалар оркестрда нота билан мусиқа чалган.

Симфоник оркестрни таниқли дирижёрлар Олимжон Халимов, Абдирейим Султонов, Сафарбой Палвоновлар бошқариб, кўпгина спектаклларга мусиқа басталаган.

Театр шаклланган даврдан бошлаб мусиқий асарларга талаб кучли бўлиб, уларни тамоша қилиш учун олис овуллардан томошабинлар атайлаб келадиган бўлган. Шундай спектакллардан «Суймаганга суйканма», «Ғариб ошиқ», «Ойгул-Обод», «Яйловда тўй», «Қадрдон доктор» ва бошқа мусиқий асарларни таъкидлаб ўтиш жоиз. Бастакорлар В.Шафранников, Ж.Шамуратов, А.Халимов, А.Султонов, Қ.Турдиқуловларнинг спектакллар учун басталаган мусиқалари ўзининг халқчиллиги билан аҳамиятли бўлиб, қаҳрамонлар ариялари бугунги кунгача қўшиқчиларимиз томонидан ижро этилмоқда.

Актёр, режиссёр ва композиторларни етиштириб чиқарган бу даргоҳ ўз рассомига ҳам эга эди. 1934-1956 йилларда йигирма йилдан ортиқ бош рассом вазифасини бажариб, қорақалпоқ саҳнасида бетакрор асарлар яратган биринчи профессионал рассом Борис Дмитриевич Каменев бўлса, 1957-1972 йилларда Қидирбой Сайпов ушбу лавозимда муваффақиятли ижод қилди.

1955 йили Тошкент давлат театр ва рассомчилик саньати институти актёрлик бўлимининг биринчи битирувчилари — Ш.Утемуратов, З.Пиёзов, Б.Турсинов, А.Жузимбетов, А.Жугинисов, А.Абдалиев, А.Хўжаназаров, К.Заримбетовлар театрга келиб иш бошлади. Институтнинг актёрлик факультетини тугатган бир-икки гуруҳ мутахассислар театрнинг саҳналик маданиятини янада юқори поғоналарга кўтаришга ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Бу йилларда театр фаолиятида муҳим саналардан бири – 1957 йили январь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Қорақалпоғистон санъати ва адабиёти ўн кунлигида театр жамоасининг «Суймаганга суйканма», «Ғариб ошиқ», «Равшон», «Камбағаллик айб эмас» спектакллари билан иштирок этиши бўлди.

Бу қорақалпоқ театрининг тўла шаклланиб, камол топган даври эди.

  

Қорақалпоқ театрининг баркамоллик қадамлари (1957-1991 йй.)

Ўтган асрнинг 60-70 йилларига келиб қорақалпоқ адабиёти ва санъати, жумладан театр ҳам жадал суръатлар билан, янгича услубда ривож топди. Келажагидан умид куттирадиган ёшлар театр сафига қўшила бошлади.

Бу йилларда театр репертуарида кўпроқ достонлар асосида ёзилган пьесалар, инсценировка ва таржима асарлар ўрин олганини кўрамиз. Фарғона театри режиссёри Г.Абдулов, қозоғистонлик таниқли режиссёр А.Мамбетовлар ҳам республикамизга ташриф буюриб, спектакллар саҳналаштирди. Н.Давқораевнинг «Алпомиш», А.Шамуратов ва И.Юсуповларнинг «Қирқ қиз» мусиқали драмалари, Т.Қайипбергеновнинг «Қорақалпоқ қизи» романи бўйича ёзилган Т.Баяндиевнинг «Жумагул» драмаси, Ч.Айтматовнинг «Она ер она», «Сарвқомат дилбарим» асарлари муваффақиятли саҳналаштирилди.

Шунингдек, театр кўплаб фестиваллар ва танловларда иштирок этиб, нуфузли ўринларни эгаллади, дипломлар билан тақдирланди, санъат ва адабиёт ҳафталикларида иштирок этди.

1963 йил февраль ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Қорақалпоғистон санъати ва адабиёти ҳафталигида театрнинг «Яйловда тўй», «Ойгул-Обод», «Левониха Орбитада», 1969 йили ўтказилган ҳафталикда «Ахмоқ подшоҳ», «Навоий Астрабадта», «Оловлар» спектакллари билан қатнашди.

1972 йили собиқ иттифоқ халқлари драматургияси ва театрларининг Биринчи Умумиттифоқ фестивали якунлари бўйича «Она ер она» спектакли энг яхши саҳналаштирилганлиги учун (режиссёр А.Мамбетов) Маданият вазирлиги дипломига сазовор бўлди, 1974 йили «Жумагул» спектакли (режиссёр Р.Тўрениёзов) мавсумнинг энг яхши спектакли дипломи билан тақдирланди.

Кейинги йилларда актёрлар сони Ш.Утемуродов, З.Пиёзов, А.Жугинисов, Ж.Бекмуродов, Х.Сапарова, М.Халмуродова, Р.Адикова, З.Сайпова, Р.Сапарова, Х.Айимбетов, Б.Кайпов, М.Садиқов, Ж.Султабаев, А.Ансатбаева, Е.Саекеев, А.Ансатбаев, Қ.Утегенов сингари истеъдодли, профессионал билимларга эга мутахассислар билан тўлишиб, жиддий муваффақиятлар қўлга киргизилди. Кенг имконияларга эга бўлган миллий театримиз кундалик маиший мавзудан янги поэтик асарлар яратишга интилди. 

Бу йилларда катта кўламли асарларнинг саҳналик манзарасини яратган Қ.Абдиреймов, Н.Ансатбаевлар қаторида Алмати шаҳридан таклиф қилинган ёш рассом Ислом Алибеков қирқ йилга яқин самарали меҳнат қилди.

 Ёш режиссёрлар Қ.Абдиреймов ва Н.Ансатбаевларнинг тинимсиз меҳнатлари ўлароқ қорақалпоқ театри собиқ иттифоқ Республикалари орасида ўз ўрни ва обрўсига эга бўлди. «Отелло» (В.Шекспир), «Абу Райҳон Беруний» (Т.Сейтжанов), «Навоий Астрабадта» (И.Махсумов), «Қорақалпоқ қизи» (Т.Баяндиев, Г.Абдулов), «Ой тутилган тунда» (М.Карим), «Герострат» (Г.Горин), «Араванг оғдарилмасин» (О.Иоселиани), «Азройилни алдаган одам» (Т.Минуллин), «Ғариб ошиқ» (А.Бегимов, Т.Алланазаров), «Ўн учинчи раис» (А.Абдуллин), «Ўз аризасибилан» (У.Умарбеков) сингари томошабинларни фикрлашга чорлайдиган, эстетик завқ бағишлайдиган, режиссёрлик янгиликларга бой спектакллар саҳналаштирилди. Режиссёрлар актёрларнинг ижодий салоҳиятини ва имкониятларини тўғри баҳолаб, саҳнадаги маҳоратига алоҳида эътибор қаратди.

1976 йили Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон вилоятлари театрлари телефестивалининг якунлари бўйича театрга биринчи ўрин берилиб, Ўзбекистон маданият вазирлигининг дипломи билан мукофотланди. Шу йили М.Каримнинг «Ой тутилган тунда» (режиссёр Н.Ансатбаев) спектакли собиқ иттифоқ театрлари орасида энг яхши сахналаштирилган спектакль мукофотини олишга муваффиқ бўлди.

1977 йили театр «Ҳурмат Белгиси» ордени билан мукофотланди.

Драматурглар ва театр, театр ва томошабинлар орасида ўзаро ижодий муносабатлар ижобий самарасини бера бошлади. Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда тез-тездан мунозаралар, пьеса ва спектакллар муҳокамалари ўтказиларди. Шу пайтлари ўзининг шъер ва минатюралари билан танилган ёш шоир, ёзувчи К.Рахманов ўзининг салмоқли асарлари билан театрга қадам қўйди.

Халқнинг кўпдан орзиқиб кутган асарлари театрни янада жонлантирди. Унинг қаламига мансуб «Келин» спектаклидан сўнг «Ярали қалблар», «У дунёга таклиф», «Лаққилар касалхонада», «Инжиқнинг муҳаббати» ва бошқа ўндан ортиқ пьесалари театр репертуарини бойитди.

   Қ.Матмуродов, О.Абдурахмонов, С.Жумағулов, М.Низановлар ҳам ўзларининг саҳналик асарлари билан 1980 йиллардан бошлаб бугунги кунга қадар миллий драма-тургиямиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. «Бир уйда икки ҳаёт», «Ўмирбек ва Тозча», «Ўжарлар», «Икки дунёнинг овораси» ва бошқа миллий колоритга бой спектакллар томошабинлар кўнгилларидан жой олди.

1980 йили Ўзбекистон Республикаси театрлари орасида ўтказилган Иккинчи жаҳон уруши йиллари мавзусига бағишланган спектаклларнинг кўрик-фестивалида К.Рахмановнинг «Ярали қалблар» (режиссёр Н.Ансатбаев) спектакли биринчи ўринни эгаллади.

1983 йили Тошкент шаҳрида Қорақалпоғистон театр кунлари ўтказилди. Театр жамоаси Ж.Аймурзаевнинг «Бердақ» мусиқали драмаси, С.Хўжаниёзовнинг «Суймаганга суйканма» мусиқали комедияси, К.Рахмановнинг «Келин» комедияси, М.Каримнинг «Ой тутилган тунда» драмаси ва Г.Гориннинг «Герострат» драмаларини тошкентлик томошабинларга ҳавола қилди.

  1980-йилларда театр учун оддийликдан мураккабликка ўтиб бўлган давр бўлди.   Энди йирик кўламдаги асарлар саҳналаштиришга барча имкониятлар очичилиб, миллий опера ва балет кўрсатадиган вақт келган эди.

1987 йили таниқли композитор, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъат арбоби Н.Мухамеддинов томонидан яратилган биринчи миллий опера – «Ажиниёз» саҳналаштирилди. Либреттоси Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири И.Юсупов қаламига мансуб.

Мазкур операнинг саҳналаштирилиши театрнинг янги йўналишини белгилаб берди.

1989 йили театрга «мусиқали театр» мақоми берилди. Илгарилари 15 штат бирлигида аралаш асбоблар ансамбли (оркестри) фақат мусиқали драма спектакллари ва унисон концерт дастурлари билан халқимизга хизмат қилиб келган бўлса, 1989 йилдан театр кўп жанрли театрлар қаторига қўшилди ва опера, балет, мусиқали драма, комедия ва драма спектаклларини саҳналаштириш имкониятига эга бўлди. 

Бизнинг театримиздек театр собиқ иттифоқ миқёсида фақат иккита бўлган бўлса, эндиликда улар қаторига қорақалпоқ театри ҳам қўшилди ва халқимиз учун театр санъатининг кўплаб жанрларида спектакллар кўрсатиш имкониятлари пайдо бўлди. Театрга 53 штат бирлигида илгариги филармониянинг симфоник оркестри созандалари ва соз асбоблари тўлалигича ўтказилди. 

Актёрлар таркибида вокал актёрлари, драма актёрлари, хор, балет труппалари фаолият бошлади. Театр саҳнасида жаҳон стандартларига мос, мусиқа санъатининг чўққиси, синтетик жанри ҳисобланган опералар ҳам саҳналаштириладиган бўлди. Оркестрга бош дирижёр этиб С.Полвонов, бош хормейстер қилиб Қ.Заретдиновлар тайинланди.

Аввалги кичик, тўлиқ бўлмаган, аралаш соз асбоблари оркестри билан ижро қилиниб келаётган, театримиз саҳнасида кўрсатилаётган «Суймаганга суйканма», «Уч бўйдоқ», «Бердақ», «Ахмоқ подшоҳ», «Ғариб ошиқ» мусиқали драмалари тўла оркестр таркиби учун қайта ишланиб, жаҳон стандартларига мос даражада ижро қилиш бошланди.

Эндиликда театр кўп жанрли бўлиб, унда опера, балет, мусиқали драма ва драматик асарларни саҳналаштириш имкониятлари пайдо бўлди ва 1990 йили Қозоғистон Республикаси Олмати шаҳрида гастроль сафарида қорақалпоқ театрининг кенг имкониятларга эга эканлигини исботлаб, «Ажиниёз» операси, «Ғариб ошиқ» мусиқали драмаси, «Келин» комедиясини қозоғистонлик театр ихлосмандларига намойиш қилишга муяссар бўлди.Театрнинг муваффақиятли қадамлари мустақиллик йилларида давом этди.

 

Театр мустақиллик йилларида

 

Инсон қалбини, унинг дарду ташвишларини, халқнинг орзу-инти-

лишлари, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини бетакрор

сўз, оҳанг ва рангларда тараннум этишни ўз ҳаётининг маъно-

мазмуни деб биладиган сиз, муҳтарам ижод аҳлининг меҳнати

нақадар машаққатли, масъулиятли ва шарафли эканини барчамиз

яхши биламиз.

Ш.М.Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Ўзбекистон Республикаси Мустақилликга эришганидан сўнг барча соҳалардаги рўй бераётган ўзгаришлар сингари, республика театрлари ҳам янги тараққиёт йўлига қадам ташлади. Мустақилликнинг дастлабки йилида театримизга буюк бадиий сўз устаси, мумтоз адибиётимиз дарғаси Бердақ исми берилди. Санъатни, жумладан театрлар фаолиятини бундан буён ривожлантириш бўйича Президент фармонлари ва Ҳукумат қарорлари қабул қилинди. 1998 йил 26-марттаги 1980-сонли «Ўзбекистон Республикасида театр санъатини ривожлантириш тўғрисида»ги, 2017 йил 31 майдаги «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармонлари, 2017 йил 3 августда мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Ўзбекистоннинг ижодкор-зиёлилар вакиллари билан учрашувидаги маърузаси ва учрашувдан кейинги даврда ижодкор зиёлиларга, театрларга кўрсатилаётган ғамхўрликларни алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг «Қачонки миллий маданиятимизнинг узвий қисми бўлган театр санъати хусусида сўз борар экан, буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Театр – бу ибратхонадур», деб айтган фикрини эслаш ўринлидир. Бизнинг миллий театр санъатимиз тарихан жуда катта йўлни босиб ўтган бўлиб, унинг қадимий илдизлари халқ ўйин ва томошаларига бориб боғланади. Лекин ХХ асрга келиб ўзбек театр санъати янгитдан – юртимиз ва жаҳон миқёсида шаклланган, даврлар синовидан ўтиб келаётган анъана ва тажрибалар асосида вужудга келгани ва камол топганини эътироф этиш зарур. Хусусан, пойтахтимиз ва вилоят театрларида намойиш этилган дунё саҳна санъатининг мумтоз намуналари ўз вақтида нафақат юртимиз, балки чет эл томошабинларини ҳам ҳайратда қолдиргани бу фикрни исботлайди. Шу билан бирга, театр ижодкорларимиз томонидан яратилган кўплаб миллий руҳдаги саҳна асарлари хорижий мамлакатларда ҳам муваффақият билан ижро этиб келинади. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда республикамиз театрларида турли мавзу ва жанрларда кўплаб спектакллар яратилмоқда, ўзига хос ижодий изланишлар давом этмоқда», - деб таъкидлаган эди. Театр замон билан тенг қадам ташлаши керак. Албатта, бў сўз ўзининг тасдиғини топган. Чунки, ҳар қандай даврда ҳам театр ана шу халқнинг дарди ва қувончи билан яшайди. Ҳар бир даврнинг турмуш шароити, сиёсати бўлиши билан бирга, қаҳрамонликларининг ҳам бўлишини тарих бизга яққол кўрсатиб берди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри жамоаси ҳам кўрсатилаётган ғамхўрликлардан тўғри фойдаланиб, халқимизнинг кўнгилларидан жой оладиган ва бугунги кўн талабларига жавоб берадиган спектакллар саҳналаштирмоқда. Театр репертуаридан тарихий жанрлардаги, ватанпарварлик мавзусидаги, халқлар дўстлиги, бир-бировга бўлган меҳр-муҳаббат, инсонни қадрлаш ғоялари билан суғорилган спектакллар ўрин олган.

Театр янги даврда кенг имкониятларга эга бўлиб, аввалдан келаётган анъаналарни давом этмоқда, миллий драматурглар асарлари билан бир қаторда қардош халқлар тилидан таржима қилинган асарларни саҳналаштирмоқда. Миллий операга эга бўлган санъатимиз энди жаҳон мумтоз операларини қорақалпоқ томошабинларига намойиш этмоқда. Чунки, театр солистлар, хор, оркестр, балет артистлари билан етарлича таъминланди. Хусусан, С.Юдаковнинг «Майсаранинг найранги» (режиссёр Н.Ансатбоев) операси қорақалпоқ тилида, С.Рахманиновнинг «Алеко» (режиссёр Қ.Абдиреймов) операси «Лўлилар» номи билан рус тилида, Н.Мухамеддиновнинг «Ажиниёз» операси, «Ойжамол» балети, А.Бегимов, Т.Алланазаровларнинг «Ғариб ошиқ» мусиқали драмаси, Қ.Матмуродовнинг «Шариёр» драмаси (режиссёр Б.Баймурзаев), А.Ориповнинг «Соҳибқирон» (режиссёр Н.Ансатбоев) драмалари муваффақиятли саҳналаштирилди.

Шунингдек, томошабинларнинг талабларини инобатга олган ҳолда, кулгисевар халқимизга комедия жанридаги бирқанча асарлар: К.Рахмановнинг «Инжиқнинг муҳаббати», Қ.Матмуродовнинг «Ўмирбек ва Тозча», М.Низоновнинг «Икки дунё овораси», Ш.Башбековнинг «Темир хотин», И.Садиқовнинг «Афандининг хотини», Б.Журтовнинг «Қайнонанинг найранги» ва бошқа бир неча спектакллар томошабинлар назарига тақдим этилди. Ҳар бир байрам кунларида театрлаштирилган шоу-концертлар ташкил қилиш анъанага айланди.

Бу даврда театрда катта тажрибага эга саҳна усталари Ш.Утемуродов, М.Халмуродова, Ж.Бабанов, Қ.Заримбетов, А.Абдалиев, Б.Қайипов, З.Сайпова, Т.Қайипназарова, Е.Саекеев, Х.Айимбетов, С.Айимбетова, М.Исмаилова, Б.Узақбергенов, М.Сапаева, У.Қосимбетов, Ж.Утепбергенов, Қ.Данияров, А.Сейтеков, Қ.Қаландаров, Г.Жуманиёзова, У.Юсупова, А.Пиязова, Г.Сарибоева, Б.Назаримбетов, Ж.Сагиндикова, С.Ғаниева, Ж.Пирлешова, Д.Жалғасбоева, А.Қалимбетовалар билан бир қаторда театрга эндигина қадам қўйган М.Усенов, С.Аннақулова, К.Алланазаров, Д.Атамуродов, А.Аманиёзов каби ёш истеъдод эгалари алвон тўрли образлар яратдилар.

Бу йилларда режиссёрлар Н.Ансатбоев, Қ.Абдреймов, Б.Баймурзаев, Ж.Султабоев, Б.Утебоевлар турли мавзуларда ва ҳар хил жанрларда спектакллар яратдилар.

Аммо, мустақиллик йилларидаги дастлабки иқтисодий қийинчиликлар театрни ҳам четлаб ўтмади. Илгари кенг имкониятларга эга театрда 1999 йилга келиб 360 та штат бирлиги 143 та штат бирлигига камайди. Шунга қарамасдан театр олга интилишини сусайтирмади.

Театр репертуаридан инсон қадр-қиммати, унинг ички дард-ташвишлари, умуминсоний муаммолардаги психологик драмалар ва бошқа тарбиявий аҳамиятга молик асарлар кенг ўрин олди.

2000-2010 йилларда саҳналаштирилган, давр талабларига мос, миллий колоритга бой мусиқали спектакллар – Ў.Абдураҳмоновнинг «Тирсаклар», К.Рахмоновнинг «Лаққилар касалхонада», «Ўлим жазоси», А.Ўтениёзованинг «Қизинг – ор-номусинг» асарлари (композиторлар – Қ.Заретдинов, Ш.Пахратдинов, А.Тўремуродова) халқимиз кўнглидан жой олди. Театр ихлосмандларининг илтимосларига биноан П.Тилегенов, С.Полвоновларнинг «Виждон», Қ.Шангитбоев, Қ.Байсейтов, А.Мухаммедовларнинг «Уч бўйдоқ» асарлари такрор-такрор саҳналаштирилиб, тамошабинларга катта руҳий завқ бағишлади.

Мустақиллик йилларида театр жамоаси ёш авлодга «Биз ким эдик, кимларнинг авлодларимиз, аждодларимиз ким бўлган?» деган тарихий хақиқатни саҳнада акс эттириб беришга эришди.

Н.Давқораев, В.Шафранников, Н.Мухамед-диновларнинг «Алпомиш» (режиссёр Н.Ансатбоев), К.Рахманов, Қ.Заретдиновларнинг «Эдиге» (режиссёрлар Ж.Султабаев, А.Қудайназаров) мусиқали драмалари, Қ.Заретдиновнинг «Тумарис» операси (режиссёр Қ.Абдреймов), «Қирқ қиз» балети (балетмейстер А.Шарипов) бунинг яққол мисолидир.

   Қорақалпоғистонда ягона симфоник оркестр ўзининг асосий вазифаси –спектакллар ижро қилиш билан бирга ҳамиша халқимиз орасида, айниқса ёшларимизни жаҳон мумтоз мусиқаси орқали руҳий тарбиялаш мақсадида маърузалар, концертлар, тематик учрашувлар ва тарғибот-маърифат ишларини амалга оширмоқда.

«Мусиқа дунёсига саёҳат» мавзусида маъруза-концерт дастури билан Республикамизнинг барча болалар мусиқа ва санъат мактабларида, умумтаълим мактабларида ёшларимиз учун мусиқа тинглаш, соз асбоблари ва мусиқа жанрлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ёшларнинг ҳар томонлама ривожланган, руҳи юксак, комил инсонлар бўлиб етилишишида симфоник оркестр артистлари ва бош дирижёр Қ.Заретдиновнинг меҳнатлари алоҳида эътиборга лойиқ.

Опера ва мусиқали спектаклларда хор алоҳида ўрин тутади. Спектаклларнинг кўп овозли бўлиб, оммавий саҳналарнинг муваффақиятли чиқишида бош хормейстер Айпара Тўлепованинг меҳнатлари ҳам таҳсинга сазовордир.

Театр ҳардоим замон билан тенг қадам ташлаб келмоқда. Инсонларнинг ташвишлари, муаммолари, уларга қандай ечим топиш керак деган саволларга жавобни саҳна орқали намойиш этмоқда. Бугун жаҳон муаммосига айланган одам савдоси, диний экстремизм, терроризм иллатлари ва уларга қарши кураш мавзусига бағишланган Р.Мухаммеджановнинг «Ойдин» (режиссёр С.Узоқбоев), Н.Хошимовнинг «Хиёнат қурбонлари» (режиссёр Б.Утебаев), бир-бировга меҳр-муҳаббат, ота-она қадри, инсонларнинг ички сезги-тўйғулари каби психологизмга тўла Н.Аббосхоннинг «Танҳо юлдуз» (режиссёр В.Умаров), И.Султоннинг «Имон» (режиссёр Ё.Саъдиев) асарлари ҳам халқимиз меҳрига муяссар бўлди.

Театримиз шу йиллар ичида бир қанча фестивалларда, Қорақалпоғистон Республикасининг маданият ва адабиёт кунларида иштирок этиб, миллий театр санъатини бошқа халқларга таништириб, нуфузли ўринларни эгаллаб келмоқда.

1993-2000 йилларда Тошкент шаҳрида, 2001 йили Хоразм вилоятида ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси маданияти ва адабиёти кунларида иштирок этди.

1993 йили Туркманистон Республикаси Ашхабад шаҳрида ўтказилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон Республикалари театрлари фестивалида Қ.Матмуродовнинг «Шариёр» (режиссёр Б.Баймурзаев) драмаси билан қатнашиб, Гулшара ролини ижро этган Ж.Сағиндикова «Энг яхши аёл образи» номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.

1996 йили А.Темурнинг 660 йиллигига бағишланган Ўзбекистон Республикаси театрлари орасидаги беллашувда А.Ориповнинг «Соҳибқирон» спектаклидаги Амир Тимур ролини ижро этган актёр Бозорбой Узоқберганов «Энг яхши Амир Тимур образини яратувчи» номинацияси бўйича ғолиб бўлди.

1999 йили «Инжиқнинг муҳаббати» комедиясини саҳналаштирувчи режиссёр Б.Ўтебаевга Ўзбекистон Республикалари театрлари орасида «Энг яхши спектакль сахналаштирувчи режиссёр» дипломи берилди.

2008 йилда Туркманистон Республикаси Ашхабад шаҳрида ўтказилган «Қўшиқ-соз –инсониятнинг руҳий хазинаси» номли фестивалга театр камер оркестри билан вокал артистлари қатнашган бўлса, 2009 йили Египет Республикасининг пойтахти Каирда бўлиб ўтган ХХI халқаро театр фестивалида иштирок этди. 2009 йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси театрлари орасида «Йилнинг энг фаол театри» номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.

2010 йил Бухоро шаҳрида янги театр биносининг очилиш маросими олдидан биринчи Президентимиз И.А.Каримов «Саҳнада замон қаҳрамонини гавдалантириш» бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берган эди. Мана шу вазифаларни ижро этиш мақсадида театр жамоаси П.Айтмуродовнинг «Талаблига нур ёғар» спектаклини саҳналаштириб, 2011 йили Тошкент шаҳрида ўтказилган «Сени кўйлаймиз, замондош» республика I фестивалига қатнашиб, нуфузли II ўринни эгаллаган бўлса, 2013 йили ўтказилган фестивалда Қ.Норқобилнинг «Нур сояда қолмайди» спектакли III ўринни эгаллади. Унда Шабнам ролини ижро этган Сарбиноз Аннақулова «Энг яхши аёл образи» номинациясининг совриндори бўлди.

    «Тумарис» опералари ва симфоник оркестрнинг «Ассалом, Тошкент оқшоми» концерт дастурлари, ноябрь ойида И.Султоннинг «Имон» спектакли билан иштирок этиб, тошкентлик томошабинлар ва мутахассислар қорақалпоқ театрининг бугунги ютуқларига юксак баҳо бердилар. 

     2017-йилда ўтказилган Республика театрларининг «Сени кўйлаймиз, замондош» кўрик-фестивалида К.Рахманов, Қ.Заретдиновларнинг «Муҳаббат шамоли» музыкали драмаси 3-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг 2017-йил 20-февралдаги 07-302-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 22-февралдаги 08/364-сонли топшириқларини бажариш мақсадида профессионал театр санъатини янада ривожлантириш, мустақиллик йилларида эришаётган ютуқ-ларимизни, бугунги замон қаҳрамонларини, тарихий жанрдаги, ватанпарварлик мавзусидаги асарлар яратиб, ёш авлодни тарбиялашда, эзгулик ғояларини сингдиришда алоҳида хизматлари учун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқалы театрига Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг 2017-йил 23-февралдаги 240-сонли бўйруғи билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри мақоми берилди.

Театр жамоасининг мана шундай муваффақиятли ишлари Ҳукуматимиз томонидан юқори баҳоланиб келмоқда. Ҳар йили ижодкор ходимлардан бир гуруҳи Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мукофотлари билан тақдирланиб келмоқда.Театр жамоаси бундан буён ҳам эзгу мақсадлар йўлидаги ҳаракатларини, изланишларини муваффақиятли давом эттириб, халқимизга янгидан-янги теран мазмунли асарлар инъом қилаверади.

Давлат раҳбарининг 2018 йил 2 апрельдаги ПҚ-3645-сонли қарори да буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорига асос Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри ёзувчининг иккита асарини сахналаштирди. «Денгиз ёқалаб чопаётган Олапар» қиссаси буйича таёрланган «Лувр ўрдаги» ва «Жамила» асари буйича таёрланган спектакллар сахналаштирилиб томошабинларимиз ҳавола қилинди. Иккита асарни ҳам ёш ихтидорли режиссёрларимиз Мухтар Реймов ва Мархабай Усеновлар сахналаштириб муваффақият қозанишди. 

2018 йил 30-сентябрь куни «Лувр ўрдаги» спектаклини бадиий кенгашга топширишда қабул қилиш учун Тошкент шаҳридан саньат фанлари доктори, профессор Мухаббат Тўлахўжаева ва Мухаддас Ахметжановалар иштирок этишди.

Ёш режиссёр Мухтар Реймовнинг биринчи иши бўлишига қорамасдан, ката ишга қўл урганин ва яхши асар яратилганина юқори баҳо беришди. Художник сценографист Темур Шардеметов ишига, мусиқаларини басталаган бастакорга ҳам айриқча тўхтаб ўтдилар. Актёрлар маҳоратини ҳам юқори баҳолашди. Ёш режиссёр Мухтар Реймовга «Дебют-2018» Республика ёш режиссёрларининг V-кўрик фестивалида иштирок этиши учун ҳақ йўл тилашди.

 

2018 йили ноябрь ойида Қырғызстон Республикаси Бишкек шаҳрида ўтказилган «Айтматов ва театр» Халқаро театрлар фестивалида «Лувр ўрдаги» спектакли иштирок этиб нуфузли 3 ўринни, «Дебют-2018» Республика ёш режиссёрларининг кўрик фестивали  1 ўрин ғолиби бўлишга муяссар бўлиб, қорақалпоқ театри саньатида катта тарихий воқеа бўлиб муҳирланди.   

 

Похожие новости


Добавить комментарий

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив